Пенсия жамғармага ўтказилган ижтимоий тўлов миқдорига қараб белгиланади - жамғарма вакили меҳнат мигрантларига пенсия тўланиши тартиби ҳақида

Furqat Ro'zmetov - 2020-01-01 123
IMG

Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси бўлими бошлиғи Аброр Холматов пенсия ва нафақа ўртасидаги фарқни тушунтириб, хорижда ишлаб келган фуқароларга пенсия тўланиши тартиби ҳақидаги саволга жавоб берди.

«Нафақа бу пенсия эмас. Ижтимоий тармоқларда нафақа ва пенсия тушунчаларини чалкаштириб юборишади. Бу икки хил нарса. Нафақа — иш стажи йўқ одамга берилади. Бу давлат томонидан кафолатланган маблағ. Пенсия эса шу фуқаро фақат пенсия жамғармасига ўз ҳиссасини қўшгандан кейингина тайинланади.

Бу нима дегани? Чет элда ишлаётган фуқаро ихтиёрий тарзда жамғармага ўз ҳиссасини қўшса, қонунчиликда белгиланган миқдорда ижтимоий солиқларни ўтказган тақдирда, ушбу фуқаронинг иш стажи ҳисобланади. Тўланган маблағларидан келиб чиқиб, пенсия миқдори белгиланади.

Мисол учун, бир фуқаро чет элда, дейлик Россияда ишлаб келди. У (эркак) 25 йиллик иш стажига эга. Ижтимоий суғурталанган иш стажи бор. Бундан ташқари, чет элда ишлаган 5 йиллик иш стажи бор. Пенсия жамғармасига тўланадиган ихтиёрий ижтимоий тўлов суммасининг юқори поғонаси белгиланмаган, минимуми белгиланган. Ками билан бунча тўлайсан, кўпи билан хоҳлаганингча тўлагин, деб қўйганмиз.

Фуқаронинг ўзи учун пенсия кўпроқ керакми? Марҳамат, пулингиз борми, 111 минг сўм эмас, 1 млн сўм тўланг. Албатта, 1 млн сўм тўлаган (чет элда ишлаб келган) фуқаронинг пенсияси билан 111 минг сўм тўлаган фуқаронинг пенсияси фарқли бўлади.

Демак, ўша фуқаро иш стажини бажарса, Пенсия жамғармасига қанча кўп пул ўтказса, бу фуқаронинг пенсияси ҳам кўпроқ бўлади

Пенсия қанча бўлади, деган саволга аниқ жавоб бера олмайман. Чунки пенсия тайинлашда ҳар бир фуқарога персонал ёндашилади. Шуни билишимиз керак. Ҳар бир фуқаронинг ойлик иш ҳақи ҳар хил. Сиз мана бунча пенсия оласиз, деб буни ОАВда айтишга менинг ҳаққим ҳам йўқ. Чунки бизда ҳозирги кунда 3 млн 600дан ортиқ пенсионерларимиз бўлса, уларнинг пенсиялари ҳар хил», дея Аброр Холматовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Ижтимой тармоқларда: