Ер ва мулкка оид хуқуқлар тўғри бажарилмоқдами?
Конституция, Қонун, Кодекс, Президент фармонлари Вазирлар Махкамаси қарорларига риоя қилинганми?
Хусусан, Хоразм вилоят хокимининг 27.07.2022 йилдаги 348-12-0-Q/22-сонли қарори Конституция, Қонун, Кодекс, Президент фармонлари Вазирлар Махкамаси қарорларига зид равишда чиқарилган десак муболаға бўлмайди.
"Qonun Doirasida" ОАВ томонидан олиб борилган журналистик текширувларида қуйидаги қонун бузилишлар аниқланди.
Иш холатига назар ташлаймиз.
Хоразм вилоят прокуратураси 17.06.2022 йилдаги 10.2/6-22-59-сонли ПРОТЕСТи билан, вилоят хокимига мурожаат қилиб, тадбиркорга ер ажратиш хақидаги Урганч шахар хокимининг 07.01.2014 йилдаги 12қ-сонли қарорини бекор қилишни, ушбу қарор ажратилишида "Ер Кодекси"нинг 23-моддаси 3-қисми ва шу кодекснинг 36-моддаси талаблари бузилган холда, ажратилган ер давлат захирасига олинмасдан ажратилганлиги сабабли 2014 йилда чиқарилган қарорни 2022 йилда бекор қилишни сўрайди.
Ушбу протест, вилоят хокимлиги томонидан ўрганилиб, шахар хокимини 2014 йилдаги 12 қ-сонли қарорни бекор қилиш юзасидан 2022 йилда вилоят хокимини қарор лойихаси тайёрланади ва ушбу қарор лойихаси Хоразм вилоят Адлия бошқармасига жўнатилади.
Хоразм вилоят Адлия бошқармаси, шахар хокимини 2014 йилдаги 12 қ-сонли қарорини бекор қилиб бўлмаслигини, ушбу масалани "Маъмурий тартиб таомиллари тўғрисида"ги қонун талаби асосида суд тартибида кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ эканлигини билдириб, шу хақда вилоят хокимлигига жавоб хати беради.
Хоразм вилоят хокимлиги ушбу юқоридаги протестни бажариш мақсадида, ушбу 12 қ-сонли қарорни бекор қилиш юзасидан қайтадан қарор лойихасини тайёрлаб, яна Хоразм вилоят Адлия бошқармасига юборади. Қонун устуворлигини 1-навбатга қўйган, Хоразм вилоят Адлия бошқармаси, шахар хокимини 2014 йилдаги 12 қ-сонли қарорини бекор қилиб бўлмаслигини билдириб, яна такроран жавоб хати беради.
Бироқ, Хоразм вилоят хокимлиги Конституция, Қонун, Кдекс, хусусан "Маъмурий тартиб таомиллари тўғрисида"ги қонун талабларини ҳам, бир четга суриб қўйиб, Хоразм вилоят Адлия бошқармасининг жавоб хатларини ҳам, инобатга олмай, прокурорни протестини устун билиб ёки, бошқа сабаблар устунлигини ишга солиб, ўз билганидан қайтмай шахар хокимини 2014 йилдаги 12 қ-сонли қарорини орадан 8 (саккиз) йил ўтиб, 2022 йилда бекор қилади.
Хоким, Хокимда. Боз устига вилоят хокими бўлса.
Ха, Конституциямиз ҳам, қонунларимиз ҳам, Хокимларни олдида ип эша олмайди экан.
Бонг уриб гапирамиз, қонун, хусусий мулк дахлсиз, маъмурий органни хужжатига бўлган ишонч химоя қилинади, қонун билан қўриқланади деймиз.
Дархақиқат, Конституциямиз мустахкам демократик тамойилда ёзилган. Қонунларимиз, фуқаро ва тадбиркорларни манфаатларига талқин қилиниб, адолат мезон тамойиллари асосида ишлаб чиқилган.
Аммо, гўзал ёзувларни, қонун талабларини, маъмурий органлар учун бир чақа ҳам, қадри йўқ эканлигини гувохи бўлсанг, нахотки деб қоласан инсон.
Энди эса, тадбиркорга ер ажратилиши қарори, прокурор протести, хоким қарори билан ажратилган ерни бекор қилинишига эътибор қаратамиз.
1. Урганч шахар хокимининг 07.01.2014 йилдаги 12қ-сонли қарори билан, тадбиркорга савдо уйи олдидаги қаровсиз бўлиб ётган 4500 кв.метр ер майдони ободонлаштириш мақсадида ажратилади.
2. Тадбиркор ушбу 4500 кв.метр ер майдонини ободонлаштириш мақсадида шахар хокимлигидан рухсат сўрайди.
3. Урганч шахар хокимининг 12.09.2014 йилдаги 1913қ сонли қарори билан, ушбу 4500 кв.метр ер майдонида фаввора, худуднинг 100 кв.м ер майдонида қурилиш ости ер майдони 48 кв.метрдан иборат бўлган енгил типдаги ойнабандли яхна ичимликлар ва музкаймоқ билан савдо қилиш шахобчаси қуришга ва атрофидаги дам олиш жойларини ташкил қилиб, ўриндиқлар скамейкалар ободонлаштиришига рухсат берилади.
4. Тадбиркор, Урганч шахар хокимининг 12.09.2014 йилдаги 1913қ сонли қарорига биноан, ободонлаштириш ишларини бажариш мақсадида лойиха хужжатларини тайёрлатиб, тегишли ташкилотларга мурожаат қилади.
5. Архитектура корхонаси томонидан лойиха хужжатларига асосан АПЗ, чизма хужжатлари тайёрлаб берилади.
6. Тадбиркор, ушбу лойиха хужжатларига асосан, ободонлаштириш ишларини амалга ошириш мақсадида банқдан 700 млн сўм кредит олиб, ушбу олинган кредит маблағини ободонлаштириш ишларига сарфлаб, банкдан олинган 700 млн сўм кредит маблағини 1 миллиард 50 миллион сўм қилиб қайтаради.
7. Тадбиркор, ушбу ишларни амалга ошириб бўлган, ер ва мулк солиқларини тўлаш мақсадида барпо қилинган фаввора, худуднинг 100 кв.м ер майдонида жойлашган қурилиш ости 48 кв.метрдан иборат бўлган енгил типдаги ойнабандли савдо шахобчасига кадастр хужжатлари тайёрлатиб, 23.04.2014 йилда доимий фойдаланиш хуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилган, Seriyasi O’Y 656393 тартиб рақамли ГУВОХНОМА олади.
8. Тадбиркор, савдо уйига келаётган харидор ва савдо уйида ўзини тадбиркорлигини амалга оширувчи 300 та тадбиркорга шароит яратиш мақсадида ўзига тегишли бўлган савдо уйи олдида автотураргох яратиш мақсадида ДХМ орқали тегишли ташкилотларга мурожаат қилиб, ВМнинг 370-сонли қарори асосида, тадбиркорга Хоразм вилоят қурилиш бош бошқармаси Урганч шахар бўлими томонидан ушбу 4500 кв.метр ер майдонининг бир қисми 900 кв.метр майдонида автотураргох қилишга 07.03.2022 йилда 1733401-40197-сонли РУХСАТНОМА берилади.
9. Тадбиркор, ушбу рухсатнома асосида, 900 кв.метр майдонида асфальт қилиш ишларини амалга ошириб, автотураргох ташкил қилади.
10. Хоразм вилоят прокурори ерни захирага олинмасдан ажратилганлигини (ер кодексининг 23-моддаси 3-қисми)ни асос деб билиб, 17.06.2022 йилдаги 10.2/6-22-59-сонли ПРОТЕСТ билан, вилоят хокимидан шахар хокимининг 07.01.2014 йилдаги 12қ-сонли қарорини бекор қилишни сўрайди.
11. Хоразм вилоят хокими 27.07.2022 йилдаги 348-12-0-Q/22-сонли қарори билан, Урганч шахар хокимининг 07.01.2014 йилдаги 12қ-сонли қарорини бекор қилади.
12. Тадбиркор, Хоразм вилоят хокимининг 27.07.2022 йилдаги 348-12-0-Q/22-сонли қароридан норози бўлиб, Урганч туманлараро маъмурий судига ариза билан мурожаат қилиб, вилоят хокимини қарорини хақиқий эмас деб топишни сўрайди.
13. Суд, Урганч туманлараро маъмурий суди 12.09.2022 йилдаги хал қилув қарори билан аризачи тадбиркорни аризасини қаноатлантирмасдан, уни рад қилиб, судья ўз тушунтиришида "Урганч марказий дехқон бозори" АЖга 2012 йилда тегишли бўлган ер захирага олинмасдан ажратилган экан деган важлар келтириб, тадбиркорни ушбу ерга бўлган хуқуқлари давлат рўйхатидан ўтганлигини, тадбиркорни ушбу қаровсиз ерларни ободонлаштириш учун 8 йил давомида қараб келганлигини, солиқларини тўлаб келганлигини, ободонлаштириш, фаввора ва автотураргох ташкил қилиш учун 2 миллиард 500 миллион сўм сарфлаганлигини ҳам инобатга олмайди.
Суд ҳам, вилоят хокимини ғайриқонуний қарорини бекор қилмади.
Нимага?
Аслида, прокурорни протести, хокимни қарори қонунийми эди?
Холатга, хуқуқ органи ва маъмурий орган томонидан қабул қилинган хужжатларга назар ташлаймиз.
Орадан 8 йил ўтганидан кейин, Ер кодексининг 23-моддаси 3-қисми талаби бузилиб, ер захирага олинмасдан ажратилган деган важларни келтириб, протест келтиришни билган прокурор, 5 йил аввал 2017 йилда қабул қилинган "Маъмурий тартиб таомиллари тўғрисида"ги қонунни билмадими?
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 118-моддасида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қонунларнинг аниқ ва бир хилда бажарилиши устидан назоратни Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори ва унга бўйсунувчи прокурорлар амалга оширади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 100-моддасида Махаллий хокимлик норматив ҳужжатларни қабул қилиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига зид келмайдиган бошқа ваколатларни амалга оширади.
Хоразм вилоят прокуратураси ПРОТЕСТ келтириб, Конституциясининг 118-моддасини унутиб қўймадими?
Хоразм вилоят хокими прокурор протестини бажариб, тадбиркорни қонун билан қўриқланадиган хуқуқларини паймол қилмадими?
Бинобарин, Қонунчилик палатаси томонидан 2017 йил 14 декабрда қабул қилинган, "Маъмурий тартиб таомиллари тўғрисида"ги қонунни 16-моддасида Виждонан ҳаракат қилувчи манфаатдор шахсларнинг маъмурий ҳужжатга бўлган ишончи қонун билан қўриқланади.
Маъмурий органлар манфаатдор шахсларнинг юзага келган маъмурий амалиёт билан боғлиқ қонуний кутилган натижаларини ҳурмат қилиши шарт. Юзага келган маъмурий амалиётнинг ўзгартирилиши жамоат манфаатлари билан оқланган бўлиши, умумий хусусиятга эга ва барқарор бўлиши керак.
Конституциянинг 53-моддасида Бозор муносабатларини ривожлантиришга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этади. Давлат истеъмолчиларнинг ҳуқуқи устунлигини ҳисобга олиб, иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилигини ва ҳуқуқий жиҳатдан баб-баравар муҳофаза этилишини кафолатлайди.
Хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир. Мулкдор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибдагина мулкидан маҳрум этилиши мумкин.
Фукаролик кодексининг 166-моддасида Мулк дахлсиздир ва қонун билан қўриқланади.
Мулкнинг дахлсизлиги мулкдорга қарши турган барча субъектларнинг мулк ҳуқуқини бузишдан ўзларини сақлашларидан иборатдир.
Мулкдорнинг мол-мулкини олиб қўйишга, шунингдек унинг ҳуқуқларини чеклашга фақат қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллардагина йўл қўйилади.
Иш хужжатларида доимий фойдаланиш хуқуқи 2014 йилда давлат рўйхатидан ўтказилиб, Seriyasi O’Y 656393 тартиб рақамли ГУВОХНОМА берилганлигини прокуратура билан хокимият унутдими ёки ушбу хужжатга эътибор беришни хохлашмадими?
Тадбиркор, Урганч шахар хокимининг 12.09.2014 йилдаги 1913қ сонли қарори билан, рухсатнома олиб, ваколатли органларнинг далолатномаси асосида ишларни бажарганлиги, ободонлаштириш, фаввора яратиш ишларини ўрнатилган тартибдаги хужжатларни расмийлаштириб амалга оширганлиги виждонан харакат қилганга кирмайдими?
Нимага Судья, "Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида"ги қонуннинг 11-моддасидаги Тадбиркорлик фаолияти субъектларининг давлат органлари, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар, шунингдек банклар билан ўзаро муносабатларида тадбиркорлик фаолияти субъекти ҳуқуқларининг устуворлиги принципи амал қилиб, унга мувофиқ қонунчиликда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган барча бартараф этиб бўлмайдиган зиддиятлар ва ноаниқликлар тадбиркорлик фаолияти субъектининг фойдасига талқин этилади. ДЕЙИЛГАН ТАЛАБЛАРГА РИОЯ ҚИЛМАДИ?
Жаноблар биз нималар қилаябмиз ўзи. Тадбиркор бўл, инвестиция кирит, ишчи ўрни ярат деймизу, инвестиция киритган 300 дан ортиқ ишчи ўрни яратган тадбиркорни шундай қилсак.
Ўзи тадбиркор ободонлаштирган ва икки ярим милярд сарфлаган ерини олишга қаратилган мақсад нима?
Текширувларимиз давом қилади.
Ушбу иш юзасидан Хоразм вилоят хокимидан очиқ ва шаффоф учрашув ўтказиш орқали тушунтириш беришини кутамиз.
Ойига бир неча марта барча сўнгги янгиликларни электрон почтангизга этказинг.