Хабарингиз бор “Qonun Doirasida” МЧЖ ОАВ томонидан Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси, Хоразм вилояти бўйича бошқармаси Суриштирув бўлими собиқ бошлиғи майор Рўзимов Арслонбек Хўжабоевичга нисбатан бўлган жиноят ишини Олий судда кассация инстанциясида кўриб чиқиш босқичида қатнашиб, шу хақда youtube каналимизда маълум қилганмиз.
Хақиқатдан ҳам Олий суд томонидан очиқлик ва шаффофлик тамоиллари асосида бўлиб ўтган суд жараёни ўз самарасини берганини гувохи бўлдик.
Суд томонидан, ушбу суд жараёнини аудио ёзувга ёзиб олинишига рухсат берилишининг ўзи, суд ишини холисона кўрилганлигидан далолат берди.
Ҳусусан, Олий суд ишни кўриб чиқиб, ўзининг 11.03.2022 йилдаги ажрими билан Ҳарбий суд апелляция инстанциясининг айблов ҳукмини бекор қилиб, ишни Тошкент шаҳар судига апелляция тартибида кўриб чиқиш учун юборди.
Дархақиқат, апелляция судлов хайъати ушбу суд ишини кўриб чиқилишида бир қатор камчиликларга йўл қўйган экан. Ушбу камчиликлар эса, Олий суднинг жиноят ишлари бўйича кассация судлов хайъатида бирма-бир жиноят ишини тафтиш қилиш орқали аниқланганлигига биз ОАВ ҳам гувох бўлдик.
Адолат букилиши мумкин, лекин синмайди дейди доно халқимиз.
Эндиликда мазкур суд иши, Тошкент шаҳар судида 2022 йил 19 апрель куни кўрила бошлайди.
Аввал хабар берганимиздек мазкур иш 2020 йил 16 март куни қўзғатилган бўлса, мана 2 йилдан ортиқ вақтдан бери судда муҳокама қилиб келинмоқда. Ўтган давр мабойнида жиноят иши биринчи инстанция судида 1 маротаба, апелляция инстанциясида 2 маротаба; кассация инстанциясида 3 маротаба, жами 6 маротаба кўриб чиқилган.
Бу сафар ушбу суд ишини 7-маротаба кўрилиши бўлади.
Албатта биз, кузатишда давом этамиз, шу 7-маротаба иш кўрилишида Тошкент шаҳар судида якунланадими йўқми буни вақт кўрсатади?
Бизларни қизиқтирган жойи, мазкур иш, Олий судда кўриш давомида Тошкент шаҳар суди апелляция инстанцияси суди томонидан ишни кўришда текширилиши шарт бўлган 5 та ҳолатни кўрсатиб берган.
Булар:
Биринчиси, Ф.Ражапов томонидан жиноят иши унинг юритувига 17.03.2020 йилда келиб тушган бўлсада, иш 16.03.2020 йилда қўзғатилганлиги;
Иккинчиси, А.Рўзимовнинг хонасидан 16 та ручка муҳрланган ҳолатда олиб кетилиб, экспертизага тақдим қилинган 7 таси қайси асосга кўра тақдим қилинганлиги, нима учун айнан 7 таси юборилган, қолган 9 та ручка олиб қолинганлиги, ручкаларни терговчи томонидан муҳрланган канвертдан олинганлигига баҳо берилмаганлиги, 4-сонли ручка айнан А.Рўзимовга тегишли эканлиги нима билан исботланганлигини аниқлаш;
Учинчиси, Т.Базарбаев жиноят содир қилинган вақтда Янгибозор тумани ИИБ катта терговчиси лавозимида ишлаган бўлсада, унинг дахлсизлик ҳуқуқи бузилиб, унга нисбатан жиноят иши, Хоразм вилоят прокурори эмас аксинча бўлим бошлиғи томонидан ноқонуний, яъни ваколатсиз шахс томонидан қўзғатилганлик ҳолатига баҳо бериши;
Тўртинчиси, А.Рўзимов ЖПКнинг 244-моддаси 3-қисмига зид равишда вақтинча сақлаш хибсхонасида 40 кун сақланганлик ҳолатига баҳо берилиши;
Бешинчиси, М.Ахманованинг Хоразм вилоят прокуратураси терговчилари агар, А.Рўзимовга нисбатан кўрсатма бериб, уни бизга жавобгар қилишимизда ёрдам берсанг, турмуш ўртоғинг Т.Базарбаевни қамоқдан чиқарамиз деб, ундан А.Рўзимовга нисбатан руҳий босим остида кўрсатма олганлик ҳолатларига баҳо бериши шартлиги кўрсатиб ўтилган.
Саволлар кўп, жавоблар эса вақтни изнида.
Балки жиноят ишлари бўйича апелляция инстанция суди судлов хайъати юқоридаги бешта холатни ўз вақтида синчқовлик билан, худди Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов хайъати ўргангандек қилиб ўрганганида, балки бизда саволлар бўлмаслиги, аввал оқланиб, кейинчалик айбланган А.Рўзимовда эса, Тошкентга, Олий судга келишига хожат бўлмаслиги ҳам мумкин эди.
Қонунларимиз бир, аммо уларни қўлловчилар турли хил эканлигига кўп бора гувох бўлмоқдамиз.
Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 5098-моддаси 3-қисмида “Кассация инстанцияси судининг кўрсатмалари жиноят ишини апелляция тартибида янгидан кўраётган суд учун мажбурийдир.” Дейилади қонунларимизда.
Албатта хар-биримизнинг хохиш истагимиз, адолат бўлиши ва юртимизда қонун ишлашини хохлаймиз.
Умид қиламизки, Тошкент шаҳар суди, Олий суднинг 11.03.2022 йилдаги ажримида келтириб ўтилган кўрсатмаларини бажаради ва одилона қарор қабул қилади.
Кейинги сонларимизда мавзуга яна қайтамиз.
Ойига бир неча марта барча сўнгги янгиликларни электрон почтангизга этказинг.