Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
2020 йил «___» __________даги
__-сон қарорига 2-ИЛОВА
Босма нашрларнининг мажбурий бепул нусхаларини
юбориш ва мажбурий бепул нусхалардан фойдаланиш,
уларни сақлаш ва ҳисобдан чиқариш тўғрисида
НИЗОМ
1. Ушбу Низом матбаа корхоналари томонидан нашрларнинг мажбурий бепул нусхаларини юбориш, муассаса ва ташкилотлар томонидан мажбурий бепул нусхалардан фойдаланиш, сақлаш ва ҳисобдан чиқариш, шунингдек, матбаа корхоналари ва таҳририятларни ушбу Низом, қонун ҳужжатларига,
техник-меъёрий ҳужжатлар талаблариги риоя этишлари тартибини белгилайди.
1. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
2. Мазкур Тартибда қуйидаги тушунчалар қўлланилади:
адад – босма нашрларнинг ёки матбаа маҳсулотларининг буюртмачи томонидан белгиланган ва матбаа корхонаси томонидан чоп этилган сони (тиражи);
босма нашрлар – китоб (шу жумладан, брошюра) ва даврий нашрлар
(газета, журнал, бюллетень, ахборотнома, тўплам ва ҳ.к);
нашриёт – белгиланган тартибда ноширлик фаолияти билан шуғулланувчи юридик мақомга эга ижодий ташкилот;
матбаа корхонаси – белгиланган тартибда матбаа фаолиятини амалга оширувчи тадбиркорлик субъекти;
матбаа маҳсулоти – матбаа корхоналари томонидан турли чоп этиш усулларида тайёрланган маҳсулот;
таҳририятлар – босма оммавий ахборот воситаси сифатида давлат рўйхатидан ўтган газета ва журнал таҳририятлари.
3. Босма нашрларнининг мажбурий бепул нусхаларини юбориш ва мажбурий бепул нусхалардан фойдаланиш, уларни сақлаш ва ҳисобдан чиқариш тўғрисида Низом (бундан кейин - Низом)нинг талаблари Ўзбекистон Республикасидаги барча матбаа корхоналарига татбиқ этилади.
Низомга нашриёт ва таҳририятлар ҳамда чоп этиш учун материаллар тайёрлайдиган ва уларнинг мазмуни учун жавоб берадиган бошқа барча ташкилотлар ҳам қатъий амал қилиши лозим.
2. НАШРЛАРНИНГ ЮБОРИЛАДИГАН МАЖБУРИЙ БЕПУЛ
НУСХАЛАРИ
4. Нашриёт ва таҳририятлар ўзлари тайёрлаган нашрларнинг умумий ададидан мажбурий бепул нусхаларни ажратадилар.
5. Муассаса ва ташкилотларга нашрларнинг мажбурий бепул нусхалари матбаа корхоналари томонидан юборилади.
6. Нашриёт ва таҳририятлар нашрларининг мажбурий бепул нусхалари матбаа корхонаси томонидан буюртмачига топшириладиган куни юборилади.
Нашрларнинг умумий адади қисмларга (завод) бўлиб тайёрланган ҳолларда ушбу нашрларнинг мажбурий бепул нусхалари нашрнинг биринчи қисмидан юборилади.
Бир нечта матбаа корхоналари иштирокида тайёрланган нашрларнинг мажбурий бепул нусхалари тайёр маҳсулотни таҳририятга расмийлаштириб берувчи матбаа корхонаси томонидан юборилади.
Нашрларнинг мажбурий бепул нусхаларининг титул варағига «Мажбурий бепул нусха» тамғаси босилади.
7. Идора ва ташкилотларнинг ички эҳтиёжлари учун нашр этилган йўриқномалар, қоидалар, низомлар, кўрсатмалар, Ҳайъат йиғилиши материаллари, иш режалари, жамоа шартномалари, саноат маҳсулоти ва ускунаси учун техник шартлар, давлат стандартлари, ишлаб чиқариш меъёрлари, молиявий
ва бошқа шу каби ҳужжатлардан мажбурий бепул нусхалар юборилмайди.
8. Мажбурий бепул нусхаларни юбориш билан боғлиқ сарф-харажатлар нашрларнинг умумий адади сметасига киритилади ҳамда нашриёт ва таҳририятлар томонидан қопланади.
9. Нашриёт ва таҳририятлар томонидан тайёрланган нашрлар
Ўзбекистон Республикасидан ташқарида чоп этилганда, нашрларнинг мажбурий бепул нусхалари тегишли муассаса ва ташкилотларга таҳририятлар томонидан юборилади.
10. Матбаа корхоналари томонидан нашрларнинг мажбурий бепул нусхалари мазкур Низомнинг 1-иловасига мувофиқ шаклдаги юк хати асосида юборилади.
11. Хорижда чоп этилган даврий ва босма нашрларни (100 тадан ортиқ миқдордаги) Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришда уларнинг мажбурий бепул нусхалари тегишли ташкилотларга мазкур Низомнинг
2-иловасига мувофиқ шаклдаги юк хати асосида юборилади.
12. Ўқув ва илмий муассасаларининг ахборот материаллари, илмий изланишлар ва номзодлик диссертациялари нашрларининг мажбурий бепул нусхалари фақат Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг асосий кутубхонасига юборилади.
13. Нашриётлар ўзлари чиқараётган ҳар бир нашрдан чет элдаги нашриётлар билан китоб алмашиниш ва кўргазмалар ташкил этиш учун ўз ҳисобларидан керакли миқдорда олиб қолишлари мумкин.
14. Мажбурий бепул нусхалар ўз вақтида ва тўлиқ юборилиши
учун жавобгарлик шахсан нашриёт (даврий босма нашрларнинг таҳририятлари)
ва матбаа корхоналарининг раҳбарлари зиммасига юкланади.
3. МАЖБУРИЙ БЕПУЛ НУСХАЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ,
УЛАРНИ САҚЛАШ ВА ҲИСОБДАН ЧИҚАРИШ
15. Нашрларнинг мажбурий бепул нусхаларини олувчи Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Оммавий коммуникациялар масалалари бўйича марказ томонидан ўз ваколатлари доирасида мазкур нашрларни амалдаги қонун ҳужжатлари, техник регламентлар ёки давлат стандартлари асосида тайёрланишини ўрганадилар.
Ўрганиш давомида нашрларда берилаётган ахборотларнинг таҳлили,
хато ва камчиликлардан ҳоли эканлиги, мамлакатимиздаги ислоҳотлар,
сиёсий-ижтимоий соҳаларнинг тўлақонли ёритилиши, халқимиз маънавиятини ўстиришдаги роли, ёшларимизнинг онгига кўрсатадиган таъсири каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилиб, натижалари бўйича тегишли ҳужжатлар тайёрланади.
Нашр этиш жараёнида аниқланган камчилик ва қонунбузарликлар бўйича нашриёт, таҳририят ва матбаа корхоналарига ваколатлари доирасида тегишли чоралар кўрадилар.
16. Нашрларнинг мажбурий бепул нусхалар юборилгандан сўнг, Ахборот
ва оммавий коммуникациялар агентлигида ҳамда Оммавий коммуникациялар масалалари бўйича марказда бир чорак давомида сақланади ҳамда яроқсиз ҳолга келганлари тегишли ҳужжат (далолатнома) асосида йўқ қилиниб, ҳисобдан чиқарилади. Фойдаланиш учун яроқли босма маҳсулотларнинг мажбурий бепул нусхалари эса, ушбу Низомнинг 3-иловасига мувофиқ Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ахборот-кутубхона марказларига китоб фондини бойитиш мақсадида тақдим этилади.
17. Оммавий коммуникациялар масалалари бўйича марказга тақдим этилган нашрларнинг мажбурий бепул нусхалари амалдаги ички тартиб ва қоидалар асосида сақланади. Сақлаш муддати ўтгандан сўнг тегишли тартибда йўқ қилиниб, ҳисобдан чиқарилади.
18. Марказий кутубхоналар, Фанлар академиясининг Асосий кутубхонаси нашрларнинг мажбурий бепул нусхаларидан ўз китоб фондларини тўлдириш
ва кутубхона аъзоларига хизмат кўрсатиш мақсадида фойдаланадилар.
Мажбурий бепул нусха сифатида келиб тушган нашрларни доимий сақлаш учун Ахборот-кутубхона фонди бўйича инвентар рақами берилиб, ўрнатилган тартибда ҳисобга олинади.
19. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонага нашрларнинг мажбурий бепул нусхаси бир нусхада статистик ҳисобни юритиш мақсадида дастурий таъминотга киритилади.
20. Миллий библиография маълумотлар базасини шакллантириш мақсадида нашрларнинг давлат библиографик ҳисоби олиб борилади. Давлат библиографик ҳисобини олиб боришда Марказий кутубхоналар ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Асосий кутубхонаси илмий изланишлари, республика миқёсида олиб борилган илмий тадқиқотлар, академикларнинг илмий ишларини киритилишида тўлиқ иштирок этади. Ўзбекистон Республикаси матбуот солномаси шакллантирилиб, доимий сақлаш учун алоҳида фондларга тақдим этилади.
21. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасига нашрларнинг мажбурий бепул нусхаси тарзида келиб тушган нашрларнинг иккинчи нусхасига техник ва илмий ишлов берилиб, ўнли классификация жадвали асосида туркумлаштирилади ҳамда фойдаланувчиларга ўрнатилган тартибда тақдим этилади.
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар
ахборот-кутубхона марказлари, Фанлар академиясининг Асосий кутубхонасига мажбурий нусха тарзида фондларга қабул қилинган нашрлар доимий сақланади. Табиий офат, биологик омиллар таъсири, ёнғин сабабли истисно тариқасида далолатнома тузилади ва ҳисобдан чиқарилади.
4. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР
22. Ушбу Низомни бузганликда айбдор шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
Ойига бир неча марта барча сўнгги янгиликларни электрон почтангизга этказинг.