Солихон домла билан боғлиқ ҳолат юзасидан РАСМИЙ МУНОСАБАТ.

Furqat Ro'zmetov - 2022-01-23 676
IMG

Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда халқ орасида “Солихон домла” номи билан танилган, Тошкент вилояти Зангиота тумани “Фатҳ” жоме масжидида имом ноиби вазифасида ишлаб келган Ортиқхўжаев Солихон Махкамовичнинг интернет тармоқларидаги кескин чиқишлари фуқаролар, айниқса, Хоразм вилоятида истиқомат қилувчи ватандошларимизнинг эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Ушбу мавзуни муҳокама қилаётган юртдошларимизнинг айримлари Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг мазкур  масалага ўз муносабатини билдиришини сўрамоқдалар.

Дарҳақиқат, айрим шахслар, шу жумладан, диний соҳа вакилларининг ижтимоий тармоқ ёки маърака-маросимларда масалани чуқур ўрганмай, воқеликни ҳисобга олмай, урф-одат, қонун-қоидаларга эътибор қилмай гўёки фатво сифатида айтаётган гаплари, ҳалол-ҳаромга ажратаётганлари ёки фосиқ-кофирга чиқараётганлари Ўзбекистон мусулмонлари идорасини хавотирга солмоқда. Бундай ўйланмаган чиқишлар жамиятда муаяйн саволларни, айниқса, зиёлилар қатламларида турли фикр-мулоҳазаларни келтириб чиқармоқда.

Таъкидлаш зарурки, илмга эга бўлмай ёки масалани чуқур таҳлил этмай, манбаларга таянмай айтилган ҳар қандай гап, ҳатто уни аҳли илм айтган бўлса ҳам, фатво ҳисобланмайди ҳамда шаръий кучга эга эмас.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизими вакилларининг Ислом дини таълимотларини жамиятни бирлаштириш йўлида эмас, аксинча кескинлик келтириб чиқаришга сабаб бўладиган шаклда баён қилишлари, аҳоли орасида нохуш баҳс-мунозараларга сабаб бўлишларининг олдини олиш учун ўзини масъул ҳисоблайди.

Қайд этиш лозимки, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги масжидларда фаолият юритаётган имом-хатиб ва имом ноибларнинг одоб-ахлоқ қоидалари ҳамда меҳнат мажбуриятларида оммавий ахборот воситалари, интернет ва ижтимоий тармоқлардаги чиқишларида фуқаролар, давлат, жамоат ва диний ташкилотларнинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказувчи  ахборот тарқатмаслик, салбий мазмундаги кескин мунозараларга сабаб бўлувчи чиқишлар қилмаслик талаблари қатъий белгилаб қўйилган.

Шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан 2021 йил 30 ноябрь куни чиқарилган буйруқда диний соҳа ходимлари томонидан жамоат олдида, оммавий ахборот воситалари, шу жумладан, ижтимоий тармоқларда муайян шахснинг қадр-қиммати камситилишига ёки унинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган маълумот эълон қилиш Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексида белгиланган тартибда меҳнат шартномасини бекор қилишгача бўлган интизомий чора кўрилиши қайд этилган.

Таъкидлаш жоизки, Солихон домла Ортиқхўжаев аҳоли, айниқса, Тошкент вилояти мусулмонлари орасида ҳурмат-эҳтиромга эга бўлгани эътиборга олинган ҳолда, 2021 йилда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимига имом ноиби вазифасига расман ишга қабул қилинган эди. Мазкур имом ноиби халқимизнинг диний эҳтиёжларини қондиришга, тақво, илм-маърифат, Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан суннат бўлган исломий одоб-ахлоқ билан самарали хизмат қилади, деб умид қилинган эди.

Таассуфки, ўтган давр давомида Диний идора Солихон домла Ортиқхўжаевнинг фаолиятидан кутилган натижаларни олмади. Домла биринчидан, аксарият вақтини турли ҳудудларда истиқомат қилувчи мухлислари таклиф этган тўй-маросимларга сарфлаб, иккинчи томондан, яшаш манзили узоқда эканини сабаб қилиб, бириктирилган масжидда тўлақонли ишлагани йўқ.

Энг асосийси, Солихон домла Ўзбекистон мусулмонлари идораси ички меҳнат тартиби, буйруқлари, шунингдек, имом-хатиб ва имом ноибларнинг одоб-ахлоқ қоидалари ва меҳнат мажбуриятларида ахборот тарқатиш, маъруза қилиш масалаларида юқорида қайд этилган талабларга риоя эта олмади. Ўтган давр ичида Солихон домла ижтимоий тармоқларда диний соҳа вакили мақомига зид чиқишлари учун бир неча бор Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти томонидан огоҳлантирилиб, унга тегишли кўрсатма ва тавсиялар берилди.

Бундан ташқари, Солихон домла 2021 йилда ўзининг чиқишларида амалдаги қонун талабларини бузгани учун маъмурий жавобгарликка тортилди.

Афсуски, Солихон домланинг  сўнгги вақтлардаги ижтимоий тармоқларда тарқалган маърузалари унинг юқорида қайд этилган огоҳлантиришлардан тўғри хулоса чиқармаганидан далолат бермоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси фаолиятининг илк давридан жамиятдаги тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, миллатлараро ва динлараро тотувликни мустаҳкамлаш, аҳоли орасида диний омил асосида низоли ҳолатлар чиқишининг олдини олиш масаласини фаолиятнинг устувор йўналишларидан бири ҳисоблайди.

Шу билан бирга, диний идора тизими вакиллари томонидан муайян ижтимоий қатламларга мансублик ёки динга бўлган муносабатидан келиб чиққан ҳолда жамиятда можаро ва беқарорлик келиб чиқишига сабаб  бўладиган хатти-ҳаракатлар содир этилишига мутлақо йўл қўйилмайди.

Шу муносабат билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси жорий йилнинг 20 январь куни Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 100-моддаси асосида Солихон домла Ортиқхўжаев билан меҳнат шартномасини бекор қилди ва вазифасидан озод этди.

Таъкидлаш жоизки, айрим шахсларнинг маърака ва маросимларда, ижтимоий тармоқда шаръий ҳукмларга эътиборсизлик ила фатво беришлари ўзлари ва ўзгаларни ҳам адаштириш ҳисобланади. Масалан, баъзи ҳолатларда кузатаётганимиздек, қандай қилиб муайян касб эгасини фосиқ ёки кофирга чиқариш ёки катта бир ҳудуд аҳолисига омматан ҳақоратмуз сўзларни айтиш мумкин? Ахир маъруза қилаётган шахс тадбирга мана шу каби фитнага сабаб бўлувчи чиқишлар учун таклиф этилганми?

Аксинча, воиз тингловчиларнинг қадрини кўтариб, уларда бор яхши хусусиятларни эслатиб, уларнинг қалбини очиши керакку! Насиҳат қилувчи ўз сўзларига махлиё бўлиб, ўзини гўёки Аллоҳ ато этган юқори ва баланд мартабада турибман, деб ўйламаслиги, балки танқид қилинаётган шахс, эҳтимол, ҳозир ёки келгусида ундан фазилатли ва Ҳақ таолога яқинроқ бўлиши мумкин эканини эсдан чиқармаслиги даркор.

Ислом тарихида ҳеч қачон фатво бериш ваколати бўлган олим-уламолар кескин, фитна ва низоларга сабаб бўлувчи ҳукмлар чиқармаган ҳамда бу каби ғояларни тарғиб этган эмаслар. Зеро,  Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “(Эй Муҳаммад!) Раббингизнинг йўли (дини)га ҳикмат ва чиройли насиҳат билан даъват этинг! Улар билан энг гўзал услубда мунозара қилинг! ...” (Наҳл сураси, 125-оят). 

Шу нуқтаи-назардан, фуқароларимизга маърака ва маросимларни ўтказишда ушбу тадбирларнинг мазмуни ва руҳиятига мос равишда маъруза қилиш салоҳиятига эга расмий имом-домлани таклиф қилиш учун туман ва шаҳар бош имом-хатиблари ёки ҳудуддаги расмий масжид имом-хатибларидан маслаҳат олишни тавсия қиламиз.

Айни вақтда, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2019 йил 14 сентябрдаги 2736-Ш/КҚ-592-Ш-сонли Қўшма қарорида тасдиқланган “Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисидаги Низом”нинг 2-боб, 3-бандига мувофиқ, тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларда диний мавзуда маъруза кўзда тутилган бўлса, ушбу маъруза диний ташкилотнинг ваколатли вакили томонидан ўқилишини эслатиб ўтамиз.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси халқимизни диний соҳадаги эҳтиёжларини тўлиқ қондириш учун бор саъй-ҳаракатларини амалга ошириб келаётган тизим ходимларини яна бир карра шаръий ҳукм бериш масъулияти, маъруза ва амру-маъруф одоби, исломий ва миллий ахлоқ талаблари, шунингдек, жамиятдаги воқелик ва эҳтиёж, миллий анъана ва урф-одатларни доимий равишда ёдда сақлаш ҳамда кундалик фаолиятда ва чиқишларда уларга қатъий амал қилишга чақиради.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ижтимой тармоқларда: