Хизмат гувоҳномалари бланкалари қатъий ҳисобот бериладиган ҳужжатлар ҳисобланади, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг буюртманомалари асосида фақат “Давлат белгиси” давлат-ишлаб чиқариш бирлашмаси, “Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси ҳамда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги корхоналарида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 5 январдаги “Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ходимларининг хизмат гувоҳномаси тўғрисидаги намунавий низомни тасдиқлаш ҳақида” 2-сон қарори билан тасдиқланган Намунавий низомнинг 1-иловасига мувофиқ тавсифга биноан, қалбакилаштиришга қарши ҳимоя элементларига эга бўлган махсус қоғозда тайёрланади.
Хизмат гувоҳномаларини тайёрлашда уларга нотўғри маълумотлар, сохта ёзувлар ва давлат рамзларини киритиш амалдаги қонунчиликка зид. Шунингдек, қалбаки гувоҳномаларни тайёрлаш ҳамда улардан фойдаланганлик учун амалдаги қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 228-моддасига кўра, сохталаштирувчининг ўзи ёки бошқа шахс фойдаланиши мақсадида муайян ҳуқуқ берадиган ёки муайян мажбуриятдан озод этадиган расмий ҳужжатлар тайёрлаши ёки расмий ҳужжатларни қалбакилаштириши ёхуд бундай ҳужжатларни сотиши, шундай мақсадларда корхона, муассаса ёки ташкилотнинг қалбаки штамплари, муҳрлари, бланкаларини тайёрлаш ёхуд сотиш базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади. Ўша ҳаракатлар такроран ёки хавфли рецидивист томонидан ёки бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса, икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ҳужжатнинг қалбаки эканлигини била туриб, ундан фойдаланиш базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд икки йилгача озодликни чеклаш ёки икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Наврўз Сапарбаев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги
Хоразм вилояти бошқармаси бош мутахассиси
Ойига бир неча марта барча сўнгги янгиликларни электрон почтангизга этказинг.